@the_bakiroo телеграм каналида АТТО тизими ҳақида ёзилган пост юзасидан РАСМИЙ ИЗОҲ

20 aprel 2022
...

        Ушбу пост муаллифи ўзининг картаси билан боғлиқ муаммоларини ёритиб, мазкур муаммолар бошқа фойдаланувчиларда ҳам кузатилаётганлиги, бу каби ҳолатлар сунъий равишда яратилаётганлиги, муаллиф мурожаатлар рақамига қўнғироқ қилиб ўз саволларига аниқ-тиниқ жавоб олмаганлиги ва буни барчаси АТТО карталаридан  фойдаланишга сунъий равишда мажбурлов сифатида баҳолаган.

         Шу ўринда АТТО компанияси қуйидагиларни маълум қилади. Кўплаб мамлакатларда автоматлаштирилган тўлов тизимлари операторлари ёпиқ тарзда ташкил этилган бўлиб, улардан фақат операторнинг транспорт карталари орқали тўлов имконияти мавжуд ва ушбу карталарнинг ҳисоб маблағини тўлдириш ҳам фақатгина шу операторнинг тизими ичида амалга оширилади.

        АТТО тизими эса аксинча, очиқ тизим сифатида ташкил этилган ва мамлакатимизда мавжуд тўлов тизимлари ҳамда тўлов ташкилотлари билан интеграция қилинган бўлиб, бу тизим орқали нафақат транспорт карталари, балки контактсиз маҳаллий банк карталари ҳамда халқаро карталарни қабул қилиш имкониятига эга.  

         Ҳозирги кунда жамоат транспортида нақдсиз тўловлар оммалашиб бормоқда ва айни пайтда АТТО тизими орқали кунига ўртача 400.000 дан ортиқ транзакциялар ўтаётган бўлиб, транспорт карталари орқали 300.000 дан зиёд, 100.000 тага яқин транзакциялар эса банк карталари орқали амалга оширилмоқда. Шундан 90.000 дан зиёд қисми эса айнан HUMO карталари ҳиссасига тўғри келмоқда.

         АТТО тизимининг ишлаш механизмига (принципига) мувофиқ, маълумотларни қайта ишлаш валидатор ускунаси орқали эмас, аксинча маълумотлар базасида амалга оширилади, яъни, валидатор қурилмалари фақат воситачи сифатида хизмат кўрсатади.

          Бу нима дегани? Тўлов пайтида транспорт картасининг маълумоти серверга жўнатилади, тўлов учун етарли маблағ бўлмаса, тизим картани вақтинчалик блоклайди ва карта ҳисоби тўлдирилганидан сўнг автоматик тарзда қарздорликни картадан ечиб олади ҳамда карта блокланган рўйхатдан чиқариб юборилади.

         Банк карталари орқали амалга оширилаётган тўловлар эса бироз ўзгача механизмда ишлайди. Транзакция хақида маълумотни АТТО тизими карта тегишли бўлган банкка сўров қилиб жўнатади, маблағ етарли эканлиги хақида қайта маълумотни олгач, тизим орқали муваффақиятли тўлов ўтказилади. 

         Агар банк томонидан сўровга жавоб ўз вақтида қайтмаса ёки картада маблағ етарли бўлмаса, карта вақтинчалик блокланади, токи банк томонидан сўровга ижобий жавоб қайтмагунча. Ушбу жавоб қайтгунига қадар, фойдаланувчилар қайта сўров юборишлари учун имконият яратилган бўлиб, https://atto.uz сайти орқали банк картасини блокдан чиқариш иловаси ишга туширилган.

         @the_bakiroo телеграм канали муаллифининг мурожаатлар марказига қўнғироғи мобайнида, оператор юқорида келтирилган мавжуд икки сабабни айтиб, муаллифнинг карта рақамини билмасдан туриб, ушбу фойдаланувчининг картаси билан боғлиқ нима муаммо борлигини айтиб бера олмаслигини тушунтирган. Шунингдек, компания сайти орқали сўров юбориб картани блокдан ечиш имконияти мавжудлиги ҳақида айтиб ўтган.

          Таъкидлаш жоизки, АТТО тизими – очиқ тизим бўлиб, мамлакатимиздаги мавжуд тўлов тизимлари ҳамда тўлов ташкилотлари, шунингдек, халқаро тўлов тизимлари билан доимий тарзда тизимлараро мустаҳкам ҳамкорлик олиб боради, бирор бир муайян муаммо вужудга келганда унинг ечими албатта ҳамжиҳатликда бартараф этилади. Технологик янгиланишлар ҳисобига тизимлараро ўзаро маълумот алмашинуви жараёнини янада жадаллаштириш юзасидан  тегишли чоралар доимий тарзда бажариб келинмоқда.

           Шу боис, АТТО транспорт карталарини ишлатиш ёки  ишлатмаслик  фойдаланувчиларнинг ўз ихтиёрида, муаллифнинг ушбу карталарни сотиб олишга йўловчиларни ундаш мақсадида HUMO карталари блокка туширилаётгани тўғрисидаги қарашлари ўринсиз ва мутлақо ҳақиқатга зиддир.